2022 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини изчил ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни янада обод қилиш, жойларда қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида:

  1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — маҳаллий ҳокимликлар), манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2022 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) қабул қилинсин.

Қуйидагилар:

2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий параметрлари ҳамда 2023-2024 йиллар учун мақсадли мўлжаллар 1-иловага мувофиқ;

2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш доирасида молиялаштириладиган йўналишларнинг асосий параметрлари 1а-иловага мувофиқ;

2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини ишга тушириш ва янги қувватлар яратишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда 2023-2024 йиллар учун мақсадли мўлжаллар 2-иловага мувофиқ;

2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатлар 3 — 16-иловаларга мувофиқ;

2022 йилда маъмурий, муҳандислик-инфратузилма, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат 17-иловага мувофиқ;

2022 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва мудофаа объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат 18-иловага мувофиқ;

2022 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган объектлар рўйхати 19-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига Дастурнинг асосий параметрлари, мақсадли кўрсаткичлари ҳамда манзилли рўйхатлари белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини, шунингдек, ажратилган маблағлар мақсадли ҳамда самарали сарфланишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

  1. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) 20-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Республика комиссияси (А.Н. Арипов) Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш доирасида:

Дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминласин;

лойиҳаларни амалга оширишда юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкор ҳал этиш чораларини кўрсин ва масъул раҳбарларнинг бу борадаги ишлари устидан тизимли назорат ўрнатсин;

Дастур ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб, лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маблағларни мақсадли сарфлаш ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботини эшитиб борсин.

  1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати томонидан Дастурнинг асосий параметрларига тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари ҳамда молиялаштириш манбалари мавжуд бўлган қўшимча лойиҳаларни (объектларни) киритишни, шунингдек, айрим лойиҳаларни (объектларни) чиқариб ташлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилиши;

Республика комиссияси (А.Н. Арипов) томонидан Дастурнинг асосий параметрларига иқтисод қилинган ёки ўзлаштирилмаган капитал қўйилмалар лимитларини лойиҳалар (объектлар) буюртмачилари (ташаббускорлари) ўртасида қайта тақсимлаш бўйича ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилиши;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш, шунингдек, танлов (тендер) якунларига мувофиқ, Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар (объектлар) параметрларига буюртмачилар (ташаббускорлар) бўйича белгиланган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида тузатиш ва аниқликлар киритилиши мумкин.

Дастурнинг асосий параметрларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда манфаатдор маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг тегишли таклифлари асосида киритилиши белгилаб қўйилсин.

  1. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида режалаштирилган маблағларни ички манбалар ҳисобидан жалб қилинган қарз маблағларини, хорижий кредитларни ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловларини қоплашга, шунингдек, объектлар қуриш учун кредитлар ажратишга йўналтириш тақиқланади. Бунда, аввал қабул қилинган тегишли қарорлар доирасида кредитлар бўйича асосий қарз ва фоиз тўловлари республика бюджетида давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

Дастурга киритилган ҳудудий лойиҳалар (объектлар) бўйича лойиҳа ҳужжатларига асосан капитал қўйилмалар лимитлари етишмаган тақдирда, уларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш билан боғлиқ асослантирилган қўшимча харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорларига асосан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан қопланади;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан идоравий объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг манзилли рўйхатлари ҳар йили 1 апрелга қадар Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-32-сон Фармони доирасида ижтимоий соҳа объектларини қуриш ишлари учун зарур маблағлар (500 млрд сўм) Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 2022 йилга назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

  1. 2022 йилдан бошлаб:

икки йил муддатга вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳаларни (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган, шунингдек, янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туманларда жойлашадиган лойиҳалар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш тақиқлансин;

келгуси йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантириш жараёнларида кейинги йилларга ўтадиган лойиҳалар (объектлар) сони босқичма-босқич қисқартирилсин ва уларни мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда тегишли молиявий йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Молия вазирлиги (А.Я. Хайдаров) маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ушбу банд талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминласин.

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Қурилиш вазирлиги (Б.И. Зокиров), Кадастр агентлиги (Ф.К. Умаров), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда Дастурнинг манзилли қисмига киритилган объектларни қуриш ва (ёки) реконструкция қилиш учун зарур ер участкаларини белгиланган тартибда ажратиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ҳамда дастурлари асосида шакллантириладиган лойиҳалар портфелига мувофиқ, ҳар йили 1 апрелга қадар қурилиш объектлари учун зарур ер участкаларини белгиланган тартибда захирага олиш чораларини кўрсин.

  1. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар — буюртмачилар (лойиҳалар ташаббускорлари):

а) икки ҳафта муддатда молиялаштириш ҳажмларини қурилиш-монтаж ишларининг календарь жадваллари билан узвий боғлиқликда аниқлаштирган ҳолда, 2022 йил учун йилдан-йилга ўтувчи қурилиш объектларининг манзилли рўйхатини Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига келишиш учун киритсин;

б) икки ой муддатда 2022 йилда янгидан бошланадиган лойиҳалар (объектлар) бўйича тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари асосида, белгиланган тартибда танлов (тендер) ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, харид қилиш тартиб-таомилларини якунлаш ва танлов (тендер) ғолиблари билан пудрат шартномаларини тузиш чораларини кўрсин;

в) харид қилиш тартиб-таомиллари якунланганидан сўнг ўн кун ичида 2022 йил учун янгидан бошланадиган қурилиш объектларининг якуний манзилли рўйхатини Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига келишиш учун киритсин;

г) 2022 йил 15 февралга қадар Дастурнинг асосий параметрларини бажариш, шу жумладан лойиҳалар (объектлар) бўйича капитал қўйилмаларни ўзлаштиришнинг прогноз кўрсаткичларини чораклар кесимида тасдиқлаб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этсин. Бунда:

2022 йил биринчи ярим йиллигида барча лойиҳалар (объектлар) бўйича маблағларни ўзлаштириш йиллик прогноз кўрсаткичининг камида 40 фоизини, шу жумладан йилдан-йилга ўтувчи объектлар бўйича камида 55 фоизини бажариш;

2022 йилда якунланадиган таълим муассасалари объектларини — 15 августга қадар, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар объектларини — 1 октябрга қадар, ирригация ва мелиорация тизимлари объектларини — 1 декабрга қадар фойдаланишга топшириш назарда тутилсин;

д) жорий йилда қурилишини давом эттириш учун маблағ (лимит) назарда тутилмаган тугалланмаган ва фойдаланилмаётган объектларни белгиланган тартибда консервация қилиш, шунингдек, уларни консервация даврида лозим даражада сақлаш ва муҳофаза қилиш чораларини кўрсин.

  1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев) вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда:

Дастурнинг ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиши, ҳар ойда лойиҳалар (объектлар) кесимида муҳокамалар ташкил этилиши ва юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилинишини таъминласин, мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

2022 йил 1 июнга қадар 2023 йилда амалга ошириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг (объектларининг) дастлабки манзилли рўйхати Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

  1. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

а) икки ой муддатда ҳудудларнинг сув таъминоти, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, Дастурга киритилган ирригация ва мелиорация лойиҳаларининг самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилсин;

б) уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

ирригация ва мелиорация объектларини сув ҳамда электр энергияси сарфини ўлчаш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган ускуналари билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар миқдори ва молиялаштириш манбалари;

суғориш тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини такомиллаштириш, шу жумладан замонавий турдаги ресурс тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича таклифлар киритсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-43-сон қарорига мувофиқ тузилган Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби (Э.Т. Юлдашев):

туман (шаҳар) ва ҳудудлар даражасида Дастурнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилиши, шу жумладан ҳар бир лойиҳа (объект) бўйича маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши, қурилиш-пудрат ишлари сифатли бажарилиши, харид қилиш тартиб-таомиллари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши;

Дастур доирасида 2022 йилда якунланадиган таълим муассасалари объектлари 15 августга қадар, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар объектлари 1 октябрга қадар, ирригация ва мелиорация тизимлари объектлари 1 декабрга қадар фойдаланишга топширилиши;

мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ, келгуси икки йил давомида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган, шунингдек, янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туманларда жойлашадиган лойиҳалар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилмаслиги устидан тизимли назоратни ташкил этсин.

  1. Қуйидагилар:

а) Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов — Дастурнинг сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш, тасдиқланган прогноз параметрлари бажарилишини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ва объектларнинг белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини таъминлашга;

б) Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров — Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар (объектлар) доимий мониторинг ва таҳлил қилиб борилишини, маблағлар ўз вақтида ажратилиши ҳамда самарали сарфланиши устидан тизимли молиявий назоратни таъминлашга;

в) қурилиш вазири Б.И. Закиров — объектларнинг лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишида энг мақбул меъморий ҳамда техник ечимлар қўлланилиши, қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши, шунингдек, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни таъминлашга;

г) мактабгача таълим (А.В. Шин), халқ таълими (Б.О. Саидов), олий ва ўрта махсус таълим (А.Х. Тошкулов), соғлиқни сақлаш (Б.А. Мусаев), туризм ва спорт (А.А. Абдухакимов), маданият (О.А. Назарбеков), транспорт (И.Р. Маҳкамов), сув хўжалиги (Ш.Р. Хамраев), уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш (Ш.С. Хидоятов) вазирлари — маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг мақсадли ишлатилиши, қурилиш-монтаж ишларининг сифатли амалга оширилиши ва объектларнинг белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини таъминлашга;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари:

Дастурга киритилган лойиҳалар (объектлар) бўйича маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш, қурилиш-монтаж ишларини сифатли бажариш ҳамда объектларни белгиланган муддатларда ишга туширишга;

2022 йил 1 майга қадар, мазкур қарорнинг 1-иловасида белгиланган мақсадли мўлжаллардан келиб чиқиб, 2023 — 2025 йилларда амалга ошириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси лойиҳалари (объектлари) юзасидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқилган таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этишга;

2023 йил ва келгуси йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг манзилли қисмига киритиладиган лойиҳаларнинг (объектларнинг) лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари қурилиш нормалари ва меъёрлари талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда 2022 йил 1 ноябрга қадар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

  1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  2. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров белгилансин.

Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2022 йил 22 январь,

ПҚ-98-сон